28 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Янги Зеландиянинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Иен Александр Хиллни қабул қилди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, элчи вазирга ишонч ёрлиқларини топширди. Вазир элчини Ўзбекистонга тайинлангани билан табриклади ва самарали фаолият юритишида омад тилади.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама шаклдаги ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Аввал 2009−2012 йилларда Ўзбекистонда Янги Зеландия элчиси сифатида аккредитасия қилинган Иен Александр Хилл ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан ўзининг таклифлари билан ўртоқлашди.

Учрашувда икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида манфаатли муносабатларни фаоллаштиришга имкон берувчи савдо-иқтисодий алоқаларнинг норматив-ҳуқуқий асосини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.