Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари 4 ёшли боланинг электр гўшт қиймалагичга тиқилиб қолган қўлини чиқариб олишди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Пайшанба шаҳрида бўлиб ўтди. Болакай ошхонада қаровсиз ҳолда ўйнаб ўтирган вақтида қўлини гўшт қиймалагич қисиб қолади.

Шундан сўнг унинг ота-онаси уни дарҳол Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг Самарқанд вилояти филиалига олиб боришади. Шифокорлар беморни кўриб, ёрдам кўрсата олмаслигини айтишади ва Фавқулодда вазиятлар бошқармасига мурожаат этишни тавсия қилишади.

Самарқанд вилояти ФВБ ходимлари шифокорлар билан ҳамкорликда темир гўшт қиймалагични «болгарка» ёрдамида кесиб, боланинг қўлини чиқариб олишди.