Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини 27 июнда нишонланадиган касб байрами билан табриклади.

ОАВ сони ҳақида қисқа статистикани (1500 дан зиёд ОАВ, жумладан 400 дан зиёд веб-сайт, 118 та нашриёт ва 1760 матбаа корхона) келтириб ўтаркан, давлат раҳбари ушбу «миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш» долзарб муаммо бўлиб қолаётганини таъкидлаб ўтди.

«Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз», — деди Президент.

«Айниқса, ҳаётимиздаги мавжуд муаммоларни, жойларда ташкил этилган Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонада аҳоли томонидан кўтарилаётган ўткир ва долзарб масалаларни, уларнинг сабаб ва омилларини очиб бериш, жамиятимизда танқид ва ўзини ўзи танқид руҳини кучайтириш, афсуски, оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳали тўла ўз ифодасини топгани йўқ», — дея таъкидлади у.

«Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Ҳаёт барчамиздан дадил ҳаракатларни, фаол ташаббусларни, ҳамма соҳада ҳаққоний ва одил муносабатни талаб этмоқда. Кўпни кўрган, сабр-тоқатли, меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз амалга оширилаётган ана шундай муҳим ўзгаришларнинг натижасини кутмоқда», — деб давом эттирди Шавкат Мирзиёев.

У эл-юртнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблашини айтиб ўтди.

«Бунинг учун оммавий ахборот воситалари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият ҳисси, айни вақтда юксак гражданлик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилади. Бундай мақсадга эришиш учун оммавий ахборот воситаларига қонунчилик нуқтаи назаридан, моддий-техник, ўқув-услубий таъминот нуқтаи назаридан янада кенг имкониятлар яратиб беришимиз керак», — деди Президент.