28 июнь кунидан қайта молиялаш ставкаси йиллик 14 фоизгача кўтарилади. Бу ҳақдаги қарор Марказий банк Бошқарувининг пул-кредит сиёсати чора-тадбирларининг иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини муҳокамасига бағишланган йиғилиши якуни бўйича қабул қилинди.

Қайд этилишича, мазкур қарор ўтган давр мобайнида инфляция суръатларининг тезлашгани ва инфляция хавфининг ўсишини чеклаш зарурияти пайдо бўлгани билан асосланмоқда.

Қайта молиялаш ставкаси 2015 йилнинг 1 январидан буён 9 фоизни ташкил этиб келаётган эди.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси, бу — МБнинг республикадаги бошқа банкларга тақдим қиладиган пулига қўйилган тўлов фоизидир. Дейлик, МБ тижорат банкларига йиллик 14 фоиз миқдорида кредит ажратади. Тижорат банклари эса унга ўз устамаларини қўшган ҳолда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тақдим этади.

Қайта молиялаш ставкаси фоизлари иқтисодиётнинг умумий аҳволи ва мамлакатдаги инфлация даражасидан келиб чиқиб белгиланади. Инфляця даражаси қанча юқори бўлса, қайта молиялаш ставкаси ҳам шунча баланд бўлади.