Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус ҳарбий транспорт самолёти шанба куни 11:40 да Қозоғистондаги ЙТҲда вафот этган 9 нафар фуқаронинг жасадини Тошкентга олиб келди. Самолёт бортида ҳодиса вақтида автобусда бўлган 7 нафар жабрланган ҳамда қолган 31 нафар фуқаро ҳам олиб келинди.

Самолёт Нукусдан 23 июнь куни 19:40 да учиб кетган ва 23:00 да Қозоғистоннинг Оқтўбе аэропортига қўнган эди.

ФВВ матбуот хизматининг хабар қилишича, вафот этган фуқаро М.Эргашев махсус тиббий автомашинада Жиззах вилоятига олиб борилади.

Вафот этган фуқаро Т.Джумаев «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси кўмагида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар аэропортига олиб борилади.
Вафот этган 7 нафар фуқаролар 24 июнь куни соат 12:40 да Мудофаа вазирлигининг самолётида Фарғона шаҳар аэропортига олиб келиниб, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида истиқомат қилувчи яқинларига топширилади.

Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан дафн этиш маросимларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ёрдам кўрсатилади.

ЙТҲ оқибатида жабрланган фуқароларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади.
Қолган фуқароларга доимий яшаш жойларига этиб боришлари учун амалий ёрдам кўрсатилади.

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг маълумотига кўра, 2017 йилнинг 22 июнь куни соат 10:20 да Актўбе вилоятида «Волгоград — Чимкент» йўналишида «Мерседес» русумли автобуси йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Автобусда жами 52 нафар йўловчи бўлиб, улардан 50 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Қозоғистон фуқаролари бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистоннинг 9 нафар фуқароси вафот этган, 7 нафар фуқароси жабрланиб, Айтикеб тумани шифохонасига ётқизилган. Воқеа жойида 10 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. 21 нафар фуқаро ЙТҲ оқибатида жабрланмаган.