Сентябрда Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) ўзбек футболини ривожлантириш бўйича янги концепцияни қабул қилади. Бу ҳақда чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубда федерация бош котиби Сардор Раҳматуллаев маълум қилди.

«Сентябрда ЎФФнинг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтади. Унда федерациянинг янги раҳбарлар таркиби сайланади. Янги тузилма, янги раҳбарлар таркиби, Профессионал футбол лигасидаги ўзгаришлар, болалар ва катталар футболини ривожлантириш — булар 2017−2020 йилларга мўлжалланган дастурдан ўрин олган», — деди Сардор Раҳматуллаев.

Миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионати-2018 саралаш босқичидаги чиқишлари тўғрисида сўзлар экан, у хатолар мавжудлигини тан олди, бироқ ЎФФ ва мураббийлар штаби мундиалга тўғридан-тўғри чиқиш учун барча кучларни сафарбар қилишини таъкидлади.

«Бош мураббий Самвел Бабаян билан шартнома саралаш босқичи якунига қадар имзоланган, агар у ўзига юкланган вазифани бажара олмаса, истеъфога чиқиши мумкин. Лекин айни пайтда ЖЧ чиқишимиз учун жуда яхши имкониятлар мавжуд. Бу имконият ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Бунда мураббийлик гуруҳининг роли катта», — таъкидлади ЎФФ бош котиби.

Унинг сўзларига кўра, ЖЧ га чиқиш курашидаги асосий рақиб — Жанубий Кореянинг кўрсаткичлари ҳозирча яхши эмас. «Осиё йўлбарслари» тақдири уларга боғлиқ бўлмаган бир пайтда Ўзбекистон жамоасида вазият бошқача: «барчаси ўз қўлида».