Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг (ССП) навбатдан ташқари сессиясида Адҳам Икромов унинг раиси этиб тайинланди.

Қурултой ишида бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди. Мамлакат Президенти томонидан тавсия этилган номзод Адҳам Икромовни таништираркан, ҳукумат раҳбари у билан узоқ йиллар бирга ишлагани ва жуда масъулиятли инсон экани, энг мураккаб вазифаларни ҳам бажариш қобилиятига эгалигини таъкидлаб ўтди.

Адҳам Икромов 1997 йилдан турли раҳбар лавозимларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Жумладан, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари ва соғлиқни сақлаш вазири, бош вазир ўринбосари, сўнгги вақтларда эса — Президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, бир вақтнинг ўзида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимида фаолият кўрсатди.

11 йил давомида — 2006 йилдан буён ССПни бошқариб келган Алишер Шайхов, таҳририятдаги маълумотларга кўра (расман тасдиқлангани йўқ), Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси бўлади.

Қурултойда ССП раисининг тўрт нафар ўринбосари ҳам сайланди. Бунга қадар Бош прокуратуранинг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлиги, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармасини бошқариб келган Ислам Жасимов биринчи ўринбосар лавозимига сайланди.

Депутат, Қонунчилик палатасининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар Қўмитаси аъзоси Ўткир Бўтаев, ССПнинг Самарқанд ҳудудий бошқармаси раҳбари Жамшед Ўроқов ва Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм Қўмитаси раиси ўринбосари Ботиржон Асадов ўринбосарликка сайланди.