Ўзбекистонда Савдо-саноат палатаси (ССП) фаолиятининг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларини тубдан қайта кўриб чиқиш йўли билан тадбиркорлик субъектлари манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг янги механизмлари жорий этилади. Бу Президентнинг 19 июндаги фармонида кўзда тутилган.

Фармонга кўра, ССП норматив-ҳуқуқий актлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсири бўйича хулоса берувчи ваколатли орган сифатида белгиланди.

Назорат органларининг ўтказилиши режалаштирилган текширувлар тўғрисида ССПни ўз вақтида огоҳлантириш тартиблари жорий этилади. Шунингдек, давлат органлари, хусусан назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этиладиган жамоат маслаҳат кенгашлари таркибига ССП вакилларининг киритилиши белгиланди.

Муаммоли масалалар, бизнес ғоялар ва лойиҳаларни муҳокама қилиш учун тизимли асосда Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувлари, тадбиркорлик ҳамжамияти, илмий ҳамжамият, ҳукумат ва аҳоли ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида ҳар йили бизнес ҳамжамият, минтақавий ва халқаро бизнес вакилларининг Иқтисодий форумини ўтказиб бориш режалаштирилган.

Худди шу куни Президент Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорга ҳам имзо чекди. Унда ССПнинг ташкилий-бошқарув тузилмасини тубдан ўзгартириш кўзда тутилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида мамлакатнинг ҳар бир шаҳри ва туманида бўлинмаларига эга бўлган Тадбиркорларга кўмаклашиш марказларини очиш белгиланган. Улар бир жойнинг ўзида давлат органлари ва бозор инфратузилмалари субъектларининг барча турдаги хизматлари ва бизнес хизматларни олиш имкониятини тақдим этиш, зарур шароитларни яратиш йўли билан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Хорижий инвесторлар, миллий компаниялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш учун ССП тузилмасида Халқаро тижорий арбитраж суд ташкил этиш бўйича комплекс чоралар қабул қилинади.