Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг музейлари ва архив фондларида сақланаётган қадимий қўлёзмалар, санъат асарлари, осори- атиқаларни аниқлаш ва тадқиқ этиш, уларни имкон қадар мамлакатга олиб келиш билан шуғулланувчи махсус марказ ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 20 июнда қабул қилинган қарорида сўз боради.

Қарорда миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, чет элларда сақланаётган, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси — реестрини яратиш ва уни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, ана шу тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш, тегишли илмий марказлар, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориб, эришилган натижаларни илмий муомалага киритиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш марказнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Шунингдек, марказ фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш билан ҳам шуғулланади.

Бундан ташқари, чет мамлакатларда сақланаётган маданий бойликларни Ўзбекистонга қайтариш юзасидан музокаралар олиб бориш ва зарур чора-тадбирлар кўриш, бу борада халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш белгиланди.

Марказ фаолияти натижасида хорижда сақланаётган, мамлакат тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларнинг асл ёки кўчирма нусхалари, фото ва видеотасвирлари Ўзбекистонга олиб келинганида (қайтарилганида), зарур илмий-тадқиқот ишлари бажарилганидан сўнг, улар Комиссиянинг хулосасига асосан, тегишли давлат музейлари тасарруфига бепул ўтказиб берилади.