Ўзбекистон От спорти федерацияси Йилқичилик ва от спорти федерацияси этиб қайта номланди. Бу Президентнинг 15 июндаги мамлакатда йилқичилик ва от спортини ривожлантириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Федерация олдидаги асосий вазифалар наслдор, спорт ва хизмат отлари етиштириб чиқариш ва кўпайтириш, миллий от спорти мусобақаларини ташкиллаштириш ҳамда миллий от спорти нуфузини ошириш, отларни сақлаш ва ветеринар хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек от спорти бўйича болалар спорт мактаблари, тўгарак ва клублар тармоқларини кенгайтиришдан иборат.

Федерация қошида от спорти бўйича мураббийлар ва ҳакамлар, ветеринар ва тақачилар тайёрлаш Республика мактаби, от спорти бўйича олий спорт маҳорати Республика мактаби базасида эса ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари ташкил этилади.

Тошкент вилоятида Ахалтек зотли отларни кўпайтириш ва парваришлаш бўйича «Ўзбегим отлари» МЧЖ ва спорт отларини кўпайтириш бўйича «Ўзбек спорт отлари» МЧЖ от заводларини қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида 2018 йилга қадар Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ва парваришлаш бўйича мажмуа қурилиши лозим.

2017−2019 йилларда Тошкент Марказий отчопари реконструкция қилинади. Унинг ҳудудида Отларни карантинлаш ва ветеренария маркази ташкил этилади.