2017 йилда Ўзбекистон тижорат банклари устав капиталидаги давлат улуши Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини маблағлари ҳисобига 500 млн доллар эквиваленти миқдорига оширилади. Бу ҳақда Президент ШАвкат Мирзиёевнинг 16 июндаги қарорида сўз боради.

Мазкур ҳужжат тижорат банклари капиталлашуви даражасини қўллаб-қувватлаш, банк тизими молиявий барқарорлигини ошириш ҳамда уларнинг инвестицион лойиҳалар ва тадбиркорликни молиялаштиришдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорда банк секторига йўналтирилаётган маблағлар 2017—2018 йилларда мамлакат ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тасдиқланган манзилли дастурлари ва тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш ёки ҳамкорликда молиялаштиришга йўналтирилиши устувор вазифа сифатида белгиланган.

Марказий банкка ликвидлик етишмовчилиги вужудга келган тақдирда тижорат банкларига уч ойгача муддатга таъминотсиз кредитлар ажратиш вазифаси топширилди. Мазкур кредитлар банклар ликвидлигини қўллаб-қувватлаш учун фақатгина тўловлар узлуксизлигини таъминлаш мақсадларига ажратилади ва уларнинг кредитлар ажратиш учун сарфланишига йўл қўйилмайди.

Марказий банк МБдан таъминотсиз кредит олганидан сўнг мижозлар тўловларини узлуксиз амалга оширишни таъминламаган тижорат банклари устидан васийлик тартибини ўрнатиш ҳуқуқига ҳам эга бўлди.