Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян лавозимидан четлатилмайди ва миллий терма билан ишлашда давом этади, деб хабар берди Футбол федерацияси (ЎФФ).

Жаҳон чемпионати-2018 га Осиё саралаш босқичи саккизинчи тури доирасида Эронга қарши сафарда кечган учрашувдаги мағлубиятдан сўнг ижтимоий тармоқлар ва ОАВда терма жамоа мураббийини истеъфога чиқариш тўғрисида чақириқлар пайдо бўлган эди. Шу муносабат билан ЎФФ расмий баёнот билан чиқди.

«Ўзбекистон Футбол Федерацияси жаҳон чемпионати саралаш ўйинларидан кейин ишқибозлар ва турли ОАВда юзага келган вазиятдан хабардор ва миллий терма жамоанинг кейинги тақдири ҳақидаги баҳс ва мунозаралар, таклиф ва мурожаатларни жуда яхши тушуниб турибди. Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳар бир футбол ишқибози ўзининг шахсий фикри борлиги ва уни эркин ифода қилиш ваколатига эга эканлигига ҳурмат билан қарайди», — дейилади баёнотда.

«Миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионати саралаш ўйинларидаги иштироки, терма жамоа мураббийлар штаби аъзоларининг атрофидаги хавотирли фикрларга ҳурмат сақлаган ҳолда маълум қиламизки, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Самвел Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штабига иш ва вазифани охирига етказиб қўйиш учун имконият беради. Ўзбекистон терма жамоасининг 31 августда Хитойга қарши сафардаги ўйини ҳамда 5 сентябрь куни Кореяга қарши Тошкентдаги ўйинларига жамоани Самвел Бабаян тайёрлайди», — дея қайд этади ЎФФ.

Федерация шу йилнинг сентябрь ойида ЎФФ навбатдаги Конференциясини ўтказиши ҳақида ҳам хабар қилди. Унда ташкилий масалалар, шу жумладан, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти ва раҳбарлик лавозимларининг сайлови, ЎФФ структурасини ўзгартириш ва кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, мамлакат футболини ислоҳ қилиш бўйича дастурларни тузиб чиқиш каби долзарб масалалар кўриб чиқилади.