Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 июнь куни Жиноят кодексига ўзини ўзи ўлдириш суиқасд қилиш даражасига етказганлик учун жазони кучайтириш ҳамда ўзини ўзи ўлдиришга ундаганлик учун чоралар жорий этиш кўзда тутилган ўзгартишларни имзолади.

Ўзгартишларга мувофиқ, шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсга, вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, — етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш, яъни кўндириш, алдаш ёки бошқа йўл билан ўзга шахсда ўзини ўзи ўлдириш ҳиссини уйғотиш, агар шахс ўзини ўзи ўлдирган ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилган бўлса, — 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, — 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.