Ўзбекистон ички ишлар вазири генерал-майор Абдусалом Азизов 15 июнь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 8-сонли шаҳар ички ишлар бўлимига ташриф буюриб, ушбу бўлимнинг тантанали очилишида қатнашди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Президентининг 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ Тошкент шаҳрида 70 та шаҳар ички ишлар бўлимлари ташкил этилиши белгиланган.

Вазир бу ерда бўлим бошлиғи, навбатчилик қисми ходимлари, профилактика инспекторлари, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи инспекторлари, суриштирувчи, жиноят қидирув тезкор вакиллари, паспорт инспектори фаолият кўрсатиши учун яратилган зарур шарт-шароитлар, замонавий ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилганлиги, фуқаролар учун яратилган қулайликлар билан танишди. Очилиш маросимида туман фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

ИИВ раҳбари шу туманнинг 5-сонли ҳамда Олмазор туманидаги 13 ва 14-сонли шаҳар ички ишлар бўлимларига ҳам ташриф буюрди.