Остона шаҳрида «Келажак энергияси» шиори остида бўлиб ўтаётган «ЭКСПО-2017» халқаро кўргазмасида Ўзбекистон ташриф буюрувчилар эътиборига қатор келажак ишланмаларини тақдим этмоқда.

«Ўзэкспомарказ"дан «Газета.uz"га хабар қилинишича, Ўзбекистон павильонида мамлакатнинг илмий, ишлаб чиқариш ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда.

Икки қаватли автоном экокапсула «ақлли уй» лойиҳаси бўйича ишлаб чиқилган бўлиб, қуёш панеллари билан жиҳозланган. Ундан бориш қийин бўлган жойларда, масалан экспедиция ва разведка ишларидан фойдаланиш мумкин. Капсула бир кишига мўлжалланган ҳамда совитиш, иситиш, ўт ўчириш ва мультимедиа технологиялари билан таъминланган.

Яна бир қизиқарли ишланма —қуёш энергиясидаги концептуал электромобиль модели. Унинг том қисмидаги фотопанеллар аккумулятор ва иккита электромоторни қувватлантиради. Машина автотураргоҳда қуёш станциясидан қувват олади.

Экспозицияда ҳаракат вақтида сувдан водородни ажратиб олувчи гидролиз қурилмаси билан таъминланган гибрид Matiz автомобили ҳам тақдим этилган. Модел айни вақтдан синовдан ўтказилмоқда.

Ташриф буюрувчилар механик соат тамойили асосида ўзини ўзи қувватловчи AR 2025 смартфони прототипи билан ҳам танишмоқда.

Водородли пайвандлаш ускунаси лойиҳаси, муаллифлар сўзларига кўра, фақатгина сув талаб қилиб, катта самарадорлик ва тежамкорлик хусусиятига эга.

Бионик қўл — масофадан бошқарилувчи қўл-робот, кашфиётчиларнинг ишонч билдиришича, инсон қўлини 100 фоиз такрорлайди.

Бундан ташқари, кўргазма ва музейларда гидлик қилиши мумкин бўлган робот-гид ҳам тақдим этилмоқда. Робот экспонатлар оралаб режалаштирилгандек ёки ташриф буюрувчилар шакллантирган йўналиш бўйича ҳаракатланиши мумкин.

Ўзбекистон павильонининг иккинчи қаватида сайёҳлик зонаси ташкил этилган. Бу ерда архитектура ёдгорликлари ва мамлакатнинг диққатга сазовор масканлари нусхалари жойлаштирилган.