Тошкент ва Тошкент вилояти ҳокимиятларининг барча турдаги йўловчи транспортлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментларини тугатиш таклиф қилинмоқда. Муҳокама учун эълон қилинган Автомобиль транспорти соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасида бу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатда келтирилишича, бир-бирини такрорловчи ортиқча жараёнлар, автомобиль транспорти соҳасида ишловчи тадбиркорларга қўйилган чеклов ва тўсиқлар бозорнинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда. Шунингдек Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда кўрсатиб ўтилган икки департамент ўртасидаги автомобилда йўловчи ташишни лицензиялаш тизимида ҳам муаммолар мавжудлиги таъкидланган.

«Тошкент шаҳрида ташувчилар фаолиятини бошқариш ва назорат қилишга мўлжалланган шаҳар йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти бир вақтнинг ўзида департамент бошқаруви остида бўлган ташувчилардан бири („Тошшаҳартрансхизмат“ АЖ) раҳбари ҳисобланган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарига амалий жиҳатдан бўйсунади», — дейилади қарор лойиҳасида.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун Тошкент ва пойтахт ҳокимияти департаментларини Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг Тошкент ва Тошкент вилояти бошқармалари билан бирлаштириш белгиланган.

Мамлакат шаҳарларида йўловчи транспортини бошқарувчи махсус ваколатли орган ҳам агентликка бўйсундирилади.

Тошкент ва Тошкент вилояти департаментлари томонидан берилган амалдаги лицензия ва лицензион карточкалар бепул қайта расмийлаштирилади.