Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2 июндаги қарори (PDF) билан Тошкентдаги бир қатор кўчаларга янги номлар берилди.

Март ойида Президент томонидан очилган ва Боғишамол кўчаси билан кесишувчи Юнусобод туманидаги янги кўчанинг бир қисмига расман Дўрмон йўли номи берилиб, шу номдаги кўчанинг давоми сифатида белгиланди. Унинг иккинчи қисми эса яна бир Янгишаҳар кўчаси номи билан аталиб, унинг давомига айлантирилди. Худди шу тумандаги Аҳроробод 2-берк кўча Аҳроробод тор кўчаси деб номланди.

Учтепа туманидаги Туятортар кўчаси Кўкча Оқтепа кўчаси деб қайта номланди.

Яшнобод туманидаги Паҳлавон Маҳмуд 2-тор кўчаси Паҳлавон Маҳмуд кўчаси, Мусохонов 1-тор кўчаси ва 1−2-берк кўчалар — Паҳлавон Маҳмуд тор кўчаси ва 1−2-берк кўчалар деб номланди.

Бектемир туманидаги Бордонкўл кўчаси Мажнунтол деб аталди, собиқ 22-ўрмон хўжалиги ҳудудидаги тўртта номсиз кўча Олтинтопган 1−4-тор кўчаларига айланди.

Олмазор туманидаги қатор янги тор кўчалар Чуқурсой 6−7-тор кўчалари ва 5−8-Норазтепа тор кўчалари бўлди.

Сергели туманидаги Ҳамза кўчаси Фаввора бўлди, Қўйлиқ-6 мавзесидаги бешта янги тор кўчали кўча Нуфузли, Шохруҳия кўчаси — Само кўчаси (такрорлангани сабабли), иккита янги берк кўча — Само 1−2-берк кўча, Сайфи Олимов 1-тор кўча — Қумариқ 4-берк кўча ва яна бешта янги тор кўча — 2−6-Саватчи тор кўчасига айлантирилди.

Яккасарой туманидаги Фозилота қабристонига аввалги Яккасарой номи қайтарилди.