Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путинга ҳамдардлик мактуби йўллади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

«Байкалорти ўлкасида йўловчилар автобуси йўл-транспорт ҳодисасига учрагани оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдим», — дейилади мактубда.

Давлат раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий таъзия ва далда сўзларини етказиб қўйишни сўради ҳамда жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайиб кетишларини тилади.

Байкалорти ўлкасида автобус иштирокидаги ЙТҲда 10 нафардан зиёд киши ҳалок бўлди. 40 кишига яқини жароҳатланди, улар орасида уч нафар вояга етмаган ҳам бор. Дастлабки маълумотларга кўра ҳайдовчи йўлнинг мураккаб қисмида бошқарувнинг уддасидан чиқа олмаган ва транспорт воситаси 25−30 м баландликдан пастга қулаб тушган.