Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Женевада Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер билан учрашув ўтказди. Учрашув Халқаро меҳнат конференцияси 106-сессияси доирасида бўлиб ўтди, деб хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати.

Гай Райдер томонлар ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бугун аввало, бандлик, меҳнат муҳофазаси, гендер тенглик каби соҳаларда янгидан-янги имкониятлар вужудга келмоқда.

ХМТ бош директори Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукуматига ХМТнинг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. «Умид қиламизки, ХМТнинг бошқа конвенциялари республиканинг миллий қонунчилигига мувофиқлигини ўрганиш бўйича ишлар давом этади», — деб қайд этди ХМТ раҳбари.

Гай Райдер кун тартибига ҳуқуқий асосни янада такомиллаштириш, аҳоли шу жумладан, хотин-қизлар бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган масалаларни киритиб, икки томонлама ўзаро алоқаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.