Ҳиммат Оқбўтаев Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди, деб хабар қилди «Ўзбекистон» каналининг «Ахборот» дастури.

Душанба куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил биринчи ярмида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишини ўтказди.

Давлат раҳбари 10 июнда ташриф буюрган Самарқанд вилоятидаги вазиятни танқид остига олди. Айрим раҳбарларнинг лоқайдлиги ва ҳаракатсизлиги оқибатида вилоятда кўплаб жиддий муаммолар йиғилиб қолди, дейилади репортажда.

Вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят маҳкамалари раҳбарлари ўртасида яқин алоқа ва конструктив муносабатларнинг йўқлиги ҳудудни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда, дея қайд этилди кўрсатувда.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг жамоатчилик ва раҳбарлар фикри билан ҳисоблашмагани, бу эса халқ учун муҳим вазифаларни ҳал эта олмаслигига сабаб бўлгани айтиб ўтилди. Шу сабабли объектлар қурилиши самарадорлиги таъминланмаган, инвестицион маблағлар етарлича ўзлаштирилмаган, маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида ташқи бозорга чиқишнинг уддасидан чиқилмаган.

«Ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Ҳиммат Оқбўтаев эгаллаб турган Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди», — дея хабар қилинди репортажда.

Ҳиммат Оқбўтаев 2016 йил декабридан вилоят ҳокими лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди. У бош вазир ўринбосари ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимига тайинланган Зойир Мирзаев ўрнини эгаллаган эди.