«Тараққиёт стратегияси» маркази Ўзбекистон нотариал идоралари фаолиятига баҳо бериш бўйича ижтимоий сўров ўтказмоқда.

Фойдаланувчиларга қатор саволлар, жумладан улар сўнгги бор қачон нотариал идора хизматидан фойдалангани ва хизматлар учун давлат божи миқдорини билиш-билмаслиги сўралган.

Сўров нотариус ҳузурига ташриф буюргандаги муаммоли вазиятларни ҳам қамраб олади. «Нотариал идоралар фаолиятида қандай муаммоларга гувоҳ бўлгансиз?» деган саволга бир қатор жавоблар келтирилган. Улар орасида: нотариал идора ходимларининг сони талаб этилганидан камлиги; нотариал идора ходимларининг қўпол муомаласи; нотариал тасдиқлаш учун бир неча соат ёки кунлаб вақт кутилиши; таниш-билишларга, телефон орқали айтганларга яхши хизмат кўрсатилиши; ходимларнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдалана олмаслиги кабилар ўрин олган.

Фойдаланувчилар нотариал тизимдаги муаммоларни ҳал этиш учун қандай чоралар кўрилиши бўйича таклифларини ҳам тақдим этишлари мумкин.

Сўров 17 июнга қадар давом этади. 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида нотариал идоралар фаолиятини автоматлаштириш, барча нотариал битимлар ҳисобини марказлашган ҳолда юритиш ва идоралараро электрон ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда, аҳоли ва тадбиркорларга нотариат соҳасида интерактив давлат хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.