Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг учрашуви бўлди, деб хабар қилди ЎзА.

Учрашувда Ўзбекистон билан БМТ ва унинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Орол фожиасининг экологик оқибатларини юмшатишга доир масалалар муҳокама этилди.

Глобал хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувдан сўнг давлат раҳбари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Таомилга биноан Қуръон тиловат қилинди. Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. Президент қурилиш ишларининг бориши билан танишди.

Шавкат Мирзиёев Биринчи Президент мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун, айвонлар мақбара билан ҳамоҳанг бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Уни янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратиш бўйича тавсиялар берди. Мажмуа атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, замонавий тунги ёритиш тизими билан таъминлаш зарурлигини қайд этди.