БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гулчамбар қўйишдан бошланди. Бу ҳақда БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар қилди.

Самарқандда Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхонасига ташриф буюриб, «Юксалиш» маҳалласида фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. БМТ бош котибига маҳалла институти ва унинг ижтимоий жараёнлардаги роли тўғрисида сўзлаб берилди.

БМТ раҳбари Регистон майдонига ҳам ташриф буюриб, қадимий шаҳарнинг архитектуравий ёдгорликлари билан танишди.

Шанба куни Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказиши кутилмоқда.

Шундан сўнг БМТ раҳбари Қорақалпоғистонга йўл олиб, Нукус ва Мўйноққа ташриф буюради.