Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида ташкилот таъсис ҳужжатларининг ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ваколатларини кенгайтиришга оид қисмига ўзгартишлар киритишни таклиф қилди.

«Бугунги кунда халқаро террористик гуруҳлар ва вайронкор кучлар ўз фаолиятида ахборот технологияларидан янада фаол қўллаган ҳолда ёшларимиз онгини заҳарлаш ва зўравонлик ғояларини тарқатишда улардан фойдаланмоқда», — дея қайд этди Ўзбекистон Президенти.

У ШҲТ МАТнинг глобал ахборот майдонида вужудга келаётган таҳдидларни мониторинг қилувчи ва уларга қарши турувчи тизимни ташкил этиш бўйича ваколатларини кенгайтиришни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев ўсиб келаётган авлодни турли террористик ва тазовузкор тузилмалар фаолиятига жалб қилинишига йўл қўймаслик бўйича ҳамкорликдаги аниқ чораларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

«Барчамизни доимо яхшилик, тинчлик ва бағрикенгликка чақирган ва даъват этувчи ислом динининг асл маърифий қадриятларини кенг миқёсда тушунтиришда ҳамкорлик қилиш муҳим деб ҳисоблаймиз», — деди у.

Шавкат Мирзиёев мазкур мақсадларда Самарқандда Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўмагида Имом Бухорий номидаги Халқаро тадқиқот маркази ташкил этилганини эслаб ўтди.

«Ўйлаймизки, мазкур марказ фаолияти динлараро, миллатлараро ва маданий мулоқотга кўмаклашишга имкон туғдиради. Биз ШҲТга аъзо давлатлар диний вакиллари ташкил этилаётган марказ фаолиятида фаол қатнашади, деб умид қиламиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.