Тошкент шаҳар ИИБ патрул-пост хизмати бригадаси командирининг ўринбосари Муродилла Алиқориев пайшанба куни ҳар ҳафталик брифингда пойтахтдаги отлиқ бригадалар фаолиятига оид маълумотларни тақдим этди.

Унинг сўзларига кўра, отлар яқин ойларда Европадаги энг йирик отлиқ полиция бўлинмаларига эга бўлган (245 та от ва 434 нафар кавалериячи) Москвадан сотиб олинади. Худди шу ернинг ўзидан от миниб ҳаракатланиш махсус либослар ҳамда ипподромдан пойтахтга отлиқ отрядларни ташиш учун ярим тиркамали пикаплар ҳам харид қилинади.

Наманган вилоят ИИБ отлиқ патрули.

Ўзбекистонда отлиқ постларни жорий этиш тажрибаси мавжуд. Наманган ва Андижон вилоятларида 22 та хизмат отидан иборат отрядлар фаолият кўрсатмоқда. «Мазкур вилоятларда маҳаллий отлардан фойдаланилади, биз эса Россиянинг орловский зотидан сотиб олишни мўлжаллаганмиз», — деди Муродулло Алиқориев.

Отларни ўқитиш бир йилдан бир ярим йилгача давом этади. Улар отишма овозига эътибор қилмаслик, портлашлар, тутун шашкаларидан қўрқмаслик, ҳужум қилувчига қарши зарба беришга ўргатилади. Бироқ патруллик қилиш учун отрядни тайёрлашга камроқ вақт сарфланади. «Бизда профессионал чавандозлар бор, бироқ барибир улар россиялик мутахассислар билан биргаликда тайёргарликдан ўтишади. Йил охирига қадар отлиқ соқчилар Тошкент кўчаларида патруллик қилишни бошлайди», — деди командир ўринбосари.

Тошкент шаҳар ИИБ томонидан жами бўлиб 50 бош хизмат отини сотиб олиш режалаштирилган. Улар очиқ жойларда ўтказиладиган оммавий тадбирлар чоғида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда юқори ҳаракатчанлик ҳамда мобил тўсиқлар ва ҳалқалар ташкил этиш билан шуғулланади.