Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Остона шаҳрига келди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этиши, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб муаммолари юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.

Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ШҲТ фаолиятини кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, терроризм ва диний эксремизмга қарши курашни кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Остона шаҳрида ШҲТнинг Тошкент саммити қарорларини амалга ошириш бўйича Ҳиндистон ва Покистонни ташкилот аъзолигига қабул қилиш жараёни ниҳоясига етказилиши режалаштирилган.

Саммит доирасида Президентимизнинг қатор делегациялар раҳбарлари билан учрашувлари кўзда тутилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида EXPO — 2017 ихтисослаштирилган халқаро кўргазманинг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этади.