Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таълимнинг кечки шаклини қайта тиклаш эҳтимолларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда вазирнинг биринчи ўринбосари Иномжон Мажидов Халқаро пресс-клубнинг чоршанба куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сиртқи бўлимга қабул 2004 йилда таълим сифатининг стандартларга мувофиқ келмагани сабабли ёпилган эди. 2017—2018 ўқув йилида учта университетда таълимнинг сиртқи шаклига қабул қайта тикланади. Улар Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти, Тошкент ахборот технологиялари ва Навоий давлат кончилик институти. Ушбу ОТМларга 270 киши қабул қилинади.

Бироқ бошқа ОТМларни таълимнинг мазкур шаклига қамраб олиш учун тўсиқлар мавжуд. «Ҳозирда сиртқи таълимнинг анча илғор шакллари, ахборот технологиялари, назорат тизимини жорий этиш ва ҳоказо имкониятлар мавжуд. Бироқ сиртқи таълимни кенгайтириш, бу — оддий иш эмас. Бизнинг шароитимизда сиртқи шаклда сифат кучли тушиб кетади. Биз [сиртқи таълимни] барчасини зарур даражада бажариш учун методология, методика, техника бўлганида жорий этамиз», — дея таъкидлади вазир ўринбосари.

Иномжон Мажидов ҳозирда кечки таълим шаклини фақатгина пойтахт ОТМларининг моддий-техник базасида қайта тиклаш мумкинлигини, айни пайтда ҳудудий таълим муассасалари бунинг учун «жуда ҳам банд» эканини айтиб ўтди. «Кечки шакл жозибадорроқ. Шакл сифатида у ривожланиши мумкин, бироқ бу энди тўрт йиллик эмас, балки эҳтимол беш-олти йиллик таълим бўлар. Ҳозирда биз жаҳон тажрибасини ўрганмоқдамиз, масала муҳокамалар босқичида турибди», — деди у.

Матбуот анжумани жараёнида Иномжон Мажидов стипендияларни тўлаш тизимидаги ўзгаришлар ҳақидаги саволга жавоб қайтарди. Ўзлаштиришидан қатъи назар барча талабалар учун ягона миқдорнинг жорий этилиши режалаштирилмаётгани, жорий тартиб сақланиб қолиниши маълум қилинди. «Бу муҳокама қилинди, бироқ ҳозирда мазкур масала кун тартибида эмас, — деди сўзга чиқувчи. — Тан оламан, стипендияларнинг табақаланиши ОТМлар маъмуриятларига айрим муаммоларни, хусусан талабаларнинг баҳо учун ҳаракат қилиши ва шундан келиб чиқувчи барча ҳолатларни туғдирмоқда».

У «қоғоз"ли рейтинг дафтарчалари масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Вазирнинг биринчи ўринбосари фикрича, етарли даражада ҳимояланган маълумотлар электрон базаси шакллантирилмагунча рейтинг дафтарчаси амалда қолаверади. «Аслини олганда ОТМга рейтинг дафтарчасининг кераги йўқ, у талаба учун керак, бу унинг ҳужжати. Талаба олаётган баҳолар журнал ва ведомостга ҳам тушади. Айтишимиз мумкинки, дунёда бундай тажрибадан фойдаланилмайди, бироқ уларда ҳар бир талаба стипендия оладиган тизим ҳам йўқ. Барча муаммолар шу ердан бошланади. Талабалар баҳо эмас, билим олишга иштиёқманд бўлишлари керак. Агарда маълумотлар базаси ўчиб кетса бир лаҳзада баҳолар ҳам ўчадими? Бизда ҳозирча ТАТУ ва Инҳа университетидаги каби ҳимояланган маълумотлар базаси мавжуд эмас», — дея ойдинлик киритди Иномжон Мажидов.

Давлат тест маркази директори Мажит Каримовнинг маълум қилишича, 2017—2018 ўқув йилида 795 минг нафарга яқин абитуриентнинг кириш имтиҳонларида иштирок этиши кутилмоқда. Ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, у мазкур тизим бугунги кунда ТАТУда ишлаб турганини қайд этиб ўтди. Бироқ ДТМ раҳбарининг сўзларига кўра, республика миқёсида ҳужжатларни онлайн топширишни ташкил этиш учун ишончли IT-инфратузилма зарур бўлади. Янада аниқроқ айтганда, бу абитуриентлардан илғор кўникмаларни талаб қилади — улар электрон имзо олишлари, ҳужжатларни PDF шаклда юклашга тайёрлашлари лозим.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов айни пайтда ҳар бир университет ўзининг беш йиллик ривожланиш дастурини ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Биометрик технологиялар мавзусига қайтар экан, у ЎзМУ абитуриентлар юзини аниқлаш тизимини синовдан ўтказаётганини қайд этди. Бундан ташқари, ОТМ ҳудудида Wi-Fi пайдо бўлади.