6 июнь куни Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили бошчилигидаги делегация Афғонистон Ислом Республикаси пойтахтида ўтказилган «Кобул жараёни» халқаро учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссияси ёрдамида Афғонистон Ислом Республикаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда 20 дан ортиқ давлатлар, жумладан қўшни мамлакатлар делегациялари иштирокида Афғонистон, минтақа ва жаҳондаги хавфсизлик ва терроризм таҳдиди муаммолари ҳамда Афғонистондаги курашаётган томонларни муросага келтириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ва Афғонистон Ҳукумати Ижрочи Раиси Абдулла Абдулла нутқ сўзлади.

6−7июнь кунлари Кобул шаҳрида Ўзбекистон делегациясини Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани қабул қилди, Афғонистон Президентининг инфратузилмалар, кадрлар ресурслари ва технологиялар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Афғонистон Президентининг қишлоқ хўжалиги ва ривожланиш масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Абдул Ҳамид Ҳелмондий, Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар, Афғонистон Президентининг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Шокир Коргар, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ҳикмат Халил Карзай, шунингдек Жамоат ишлари, Соғлиқни сақлаш, Энергетика ва сув ресурслари, Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирликларининг раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.

Форум давомида Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Аҳмет Йилдиз билан учрашув бўлиб ўтди ва унда томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ташриф доирасида Афғонистон Ислом Республикасининг турли вазирлик ва идоралари вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, уларда савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг айрим масалалари муҳокама қилинди.