Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев Теҳрондаги террористик босқинчилик муносабати билан Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийга ҳамдардлик билдирди, деб хабар қилди ЎзА.

«Эроннинг парламент биносида ҳамда Оятулло Ҳомейний мақбарасида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб инсонларнинг нобуд бўлгани ва оғир жароҳат олгани ҳақидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди», — дейилади мактубда.

«Ўзбекистон ушбу қабиҳ террорчилик хуружларини, улар қандай шакл ва мазмунда бўлишидан қатъий назар, кескин қоралайди ҳамда мазкур балога қарши халқаро миқёсда ҳамкорлик қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди», — деб таъкидланади унда.

Президент қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларни тез фурсатларда соғайиб кетишини тилади.

Теракт муносабати билан 12 киши ҳаётдан кўз юмди, 42 киши жароҳатланди.