6 июнь куни пойтахтдаги Халқлар дўстлиги хиёбонида Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 218 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди, деб хабар қилди ЎзА.

Шоир ҳайкали қаршисида турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ўқитувчилар, ёшлар тўпланди.

Маросимда Пушкин шеърларидан намуналар ўқилди. Йиғилганлар шоир ҳайкали пойига гуллар қўйди.

«Ўзбекистонда Пушкин таваллуди куни кенг нишонланиши яхши анъанага айланган, — дейди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев. — Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Пушкин ҳайкалининг ушбу файзли хиёбонда қад ростлагани Ўзбекистонда миллатлараро дўстликни, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни тобора мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир».

«Юксак инсоний фазилатлар, ҳаётга, Ватанга, ўз халқига муҳаббат Алишер Навоий ва Пушкин ижодида бирдай тараннум этилган, — дейди Рус миллий маданият марказининг Янгийўл шаҳри бўлинмаси вакили, адабиёт ўқитувчиси Любовь Шербакова. — Ҳар икки шоир ижодида миллат руҳияти ғоят теран ифодаланган».

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри санъаткорлари, Рус миллий маданият маркази қошидаги бадиий жамоа томонидан мусиқий композиция намойиш этилди.

Мамлакат бўйлаб шоир таваллудига бағишланган пушкинхонлик тадбирлари, мушоиралар, маърифий анжуманлар давом этмоқда.