БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё мамлакатлари — Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйлаб сафарга отланмоқда, деб хабар қилди БМТ Янгиликлар маркази.

8−9 июнь кунлари халқаро ташкилот раҳбари Остонада Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашув ўтказиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида нутқ сўзлайди.

10 июнь куни БМТ бош котиби Самарқандга ташриф буюриб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Куннинг иккинчи ярмида БМТ раҳбари Қорақалпоғистонга отланиб, Оролбўйи ҳудудига ташриф буюради.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Антониу Гутерриш вертолётда Орол денгизи акваторияси бўйлаб парвоз қилади. Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда ўша вақтда бош вазир лавозимида фаолият кўрсатган Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мун ҳам Оролни ҳаводан кузатган эди.

11 июнь куни БМТ раҳбари Бишкекка бориб, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашади. Шундан сўнг 2010 йилги июнь ҳодисаларига бағишланган тадбирда иштирок этиш учун Ўшга ташриф буюради.

12 июнда Антониу Гутерриш Тожикистонга, 13 июнда эса Туркманистонга ташриф буюриб, икки давлат раҳбарлари билан учрашишни режалаштирган. Душанбеда у барқарор ривожланиш бўйича анжуманда сўзга чиқса, Ашхободда Марказий Осиёда терроризмга қарши кураш стратегиясини амалга оширишга бағишланган юқори даражадаги мулоқотда қатнашади.