Пойтахтдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи директори Лутфи Юсупова ўқув муассасасини ўз тизимига олган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан лавозимидан озод қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, раҳбар билан биргаликда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ҳилола Бўрихўжаева ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Вазира Ҳасанова ҳам вазифасидан четлатилди.

3 май куни коллежнинг 2-босқич талабаси 1999 йилда туғилган Жасурбек Ибрагимов тан жароҳати олиб, Тошкент шаҳар 2-сон болалар жарроҳлик шифохонасига ётқизилган ва олган тан жароҳатлари натижасида 1 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этган.

Миробод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши 4 июнь куни Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига қабул қилинган. Тўпланган далиллар мажмуи асосида Ислом Тўлаганов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинди ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бошқа шахсларнинг ҳодисага алоқадорлигини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки тергов жараёнида ўқитувчилар ва тиббий ходимларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.