Боровский номидаги Тошкент шаҳар тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Ибрагимовнинг ўлими бўйича жиноий ишни тергов қилиш жараёни Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевнинг шахсий назорати остига олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Аввал хабар қилинганидек, 3 май куни коллежнинг 2-босқич талабаси 1999 йилда туғилган Жасурбек Ибрагимов тан жароҳати олиб, Тошкент шаҳар 2-сон болалар жарроҳлик шифохонасига ётқизилган ва олган тан жароҳатлари натижасида 1 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши 4 июнь куни Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига қабул қилинган. Тўпланган далиллар мажмуи асосида Ислом Тўлаганов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинди ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда жиноятга алоқадор шахслар доирасини аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.