Ғолибшер Зияев Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

У шу кунга қадар Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение маркази Бош директори вазифасини бажариб келган.

Ғолибшер Зияев Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиқлигига мазкур лавозимда 2013 йил февралидан буён фаолият кўрсатиб келаётган Фарҳод Умархўжаев ўрнига тайинланди.

Шунингдек, шу кунга қадар «Ўзбектелеком» АКнинг «Бош коммутация маркази» директори вазифасини бажариб келган Эмир Газиев Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение маркази бош директори лавозимига тайинланди.