Май ойи бошида курсдошлари томонидан калтакланиб, орадан бир ой ўтгач вафот этган Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Ибрагимов ўлимида айбдор барча шахслар ўз жазосини олади, дея маълум қилди Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев. Якшанба куни у Дўстлик боғига (собиқ Бобур боғи) келиб, Ўзбекистон ИИВга айбдорларни аниқлаш ва жазолаш талаби билан имзо тўплашга йиғилган фуқаролар билан учрашди.

Худди шу куни ИИББ сайтида эълон қилинган хабарга кўра, 3 май куни Жасурбек Ибрагимовга нисбатан оғир тан жароҳатлари етказилганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатлари билан 1999 йилда туғилган Исломбек Тулагановга нисбатан мавжуд бўлган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳозирда бошқа шахсларнинг мазкур жиноятга алоқадорлиги текширилмоқда.

ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг тошкентликлар билан учрашуви. Фото: Шерзод Икрамутдинов / «Газета.uz».

17 ёшли ўсмир онаси Нилуфар Алиеванинг Президент номига ёзилган ҳамда шанба куни кечқурун таҳририятга келиб тушган, шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган мактубида келтирилишича, Жасурбек 1 июнь куни бешинчи операцияни бошидан ўтказаётганда ҳаётдан кўз юмган. Ҳодиса содир бўлган куни ўғли унга қўнғироқ қилган ва уйга келишни сўраган. Ота-онаси Жасурбекни ерда ётган ҳолда учратган. «Бурни, оғзи ва қулоғидан қон келаётган, бутун елкаси тимдаланган, тирсаклари ҳам қонталаш эди, ҳар икки тиззаси синган, болдирлари тирналган, пешонаси бутунлай жароҳатланганди… Қорнини кўздан кечирганимизда оёқ кийим излари яққол кўриниб турар, томоқ соҳаси, жағлари остида бармоқлардан қолган излар бор эди», — деб ёзади Нилуфар Алиева.

Жасурбек тезда 2-сонли шаҳар Болалар жарроҳлиги шифохонасига ётқизилди, тез ёрдам уни 7-сонли шаҳар Клиник шифохонасига олиб боради. Бу ерда ўсмир 18 ёшга тўлмагани сабабли уни қабул қилишмайди ва 1-сонли шаҳар Болалар клиник шифохонасига йўналтиришади. У ерда ҳам ички органлар жиддий жароҳат олгани сабабли болани ётқизишмайди. Онанинг сўзларига кўра, тез тиббий ёрдам машинаси келгандан жонлантириш бўлимига ётқизилгунига қадар икки соатдан кўпроқ вақт ўтади.

5 май куни ўсмирнинг қорин соҳасида жарроҳлик амалиёти ўтказилади. «Операция бўйича шифокорлар менга ўғлимнинг аҳволи оғир эканини, операциянинг ўзи мураккаблигини, Жасурнинг ўн икки бармоқли ичаги ёрилгани, ҳар икки буйраги гематома билан қоплангани, ошқозон ости безига кучли зарар етгани ва бошқа аъзолар ҳам зарарланганини, қорнининг бир қисм тўқимаси олиб ташлангани, перитонит (йиринглаш) бошланганини маълум қилди», — деб ёзади Нилуфар Алиева. Шифокорлар жароҳатлар бир вақтда бир неча шахслар томонидан етказилганини тахмин қилишди.

8 май куни Жасурбек қайтадан операция қилинади. 18 майда у оғир аҳволда Республика тез тиббий ёрдам илмий марказига кўчирилади. Бу ерда яна уч марта операция қилинади. 1 июнда ўсмир ҳаётдан кўз юмади. Она ўз хатида ўғли коллежнинг олти нафар ўқувчиси томонидан калтакланганини гумон қилиб ёзади.

Жасурбек Ибрагимовнинг ўлимида айбдорлар шахсларни аниқлаш ва айбдорларни жазолаш талаби билан оммавий имзо чекишда 400 нафардан зиёд киши қатнашди.