Ўзбекистонда гидроэнергетикани ривожлантиришга жалб қилинувчи хорижий инвестициялар ҳажми 1 млрд доллардан зиёдроқни ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг қарорида (PDF) сўз боради.

Ҳужжат билан 2017−2021 йилларда Ўзбекистонда гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда 18 та гидроэлектр станциясини қуриш ва мавжуд 14 тасини модернизация қилиш белгиланган. Бу мақсадларга умумий 2,65 млрд доллар йўналтирилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, дастурнинг амалга оширилиши 2026 йилга бориб Ўзбекистонда ГЭСлар қувватининг 1,7 баробарга — 3,038 МВт га, электр токи ишлаб чиқишдаги гидроэнергетика улуши эса 12,7 фоиздан 15,8 фоизга ортади.

Дастурлар Ўзбекистоннинг 1,64 млрд долларлик маблағлари ҳамда халқаро ва хорижий молия институтларининг 1,009 млрд долларлик кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Хусусан, дастурлар доирасида Хитой Эксимбанкининг 572,8 млн доллар, Ислом тараққиёт банкининг 181,1 млн доллар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 77,3 млн доллар, Осиё тараққиёт банкининг 98,4 млн долларлик кредитларини жалб қилиш режалаштирилган.