Президентнинг 1 июндаги фармони билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилди.

Фармон ветеринария соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, ҳайвонларнинг соғлиғини сақлаш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, давлат ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария сервис сифатини ошириш, эпизоотик барқарорликни ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган, ҳайвонлардан олинадиган рақобатдош маҳсулот ва хомашё ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ветеринария хизмати тизимини янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинди.

Фармон ва давлат раҳбарининг худди шу куни қабул қилинган қарорига берилган расмий шарҳда келтирилишича, давлат ветеринария хизмати соҳасида ишларнинг умумий ҳолати мамлакатимизнинг жадал суръатларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларидан ва ҳозирги замоннинг ҳайвонлар соғлиғи профилактикаси ҳамда ўз вақтида ва сифатли даволашни таъминлашга қаратилган замонавий талаблардан сезиларли даражада ортда қолмоқда.

Тармоқда ягона вертикал бошқарув тизими яратилмаган, унинг моддий-техника базаси маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскирган. Ҳайвонлар касалликларини профилактика қилиш ва даволашга илмий ишланмалар ва замонавий ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, инновацион усулларни амалиётга жорий қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаяпти.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тасарруфидаги Ветеринария илмий-тадқиқот институти Давлат ветеринария қўмитаси тизимига ўтказилди.

Республика давлат ветеринария лабораторияси, Ҳайвонларнинг ўта хавфли касалликлари давлат лабораторияси ва Парранда касалликлари бўйича давлат ветеринария лабораторияси тугатилиб, уларнинг негизида Республика ҳайвонлар касалликлари диагностикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ташкил этилди.

Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифатини назорат қилиш давлат лабораторияси Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалари сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий марказига айлантирилди.

Президент қарори билан 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.