4 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Бош вазири Тереза Мейга Лондон шаҳридаги террорчилик ҳужуми оқибатида инсонларнинг қурбон бўлгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

«Биз ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган бундай ғайриинсоний ва шафқатсиз ҳаракатни қаттиқ қоралаймиз ҳамда халқаро ҳамжамият билан биргаликда мазкур жиддий таҳдидга қарши муросасиз курашни давом эттиришга тайёрмиз», — дейилган Ўзбекистон Президентининг ҳамдардлик мактубида.

Давлат раҳбари «ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ва далда сўзларини етказиб қўйишни сўради ҳамда жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайиб кетишларини тилади».

Якшанбага ўтар кечаси уч нафар эркак микроавтобусда Лондон кўпригида йўловчи устига бостириб бориши натижасида 7 киши ҳалок бўлди, 48 киши жароҳатланди. Уч эркак ҳодиса жараёнида полиция томонидан отиб ўлдирилди.