Ўзбекистон Президенти 31 май куни ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда ерлардан фойдаланишда мунтазам давлат назоратини таъминлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, ер ресурсларини тизимлаштирилган ҳолда ҳисобга олиш ишлари етарли даражада самарали бўлмаётгани тан олинган.

Қуйидагилар қўмитага юклатилган асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • учувчисиз аппаратлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги ерларини, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлашни мониторинг қилиш, геодезия маълумотлари ва картография материалларидан фойдаланган ҳолда сунъий йўлдош навигация тизими ишлашини таъминлаш;
  • аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картография, тупроқшунослик, геоботаникага оид ва бошқа изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда, картографик мониторингни амалга ошириш;
  • кўчмас мулк объектларининг электрон маълумотлар базасини, кўчмас мулк баҳосини бозор қийматида баҳолашга босқичма-босқич ўтиш учун давлат кадастрлари геоахборот тизимларини яратиш ва доимий равишда янгилаб бориш ва бошқалар.

Қабул қилинган ҳужжатда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган. Бу ўз навбатида қўмитага юкланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш имкониятини яратади, институт билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш орқали, биринчи навбатда тупроқнинг таркиби ва махсус илмий лабораторияларда тупроқдаги барча жараёнларни ўрганиш орқали суғориладиган ерларнинг унумдорлиги ва уларнинг балл-бонитети аниқланади.

Давлат кадастрларини юритишни ташкил этиш даражасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозими жорий этилди. У давлат кадастрлари соҳасини мувофиқлаштириш, тизимга илғор ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш ишларига масъул этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига, унинг ҳудудий бўлинмаларига мавжуд штатларга қўшимча равишда 937 та муҳандис-ер тузувчилар штат бирлиги, шундан 92 фоизи қўмитанинг туман бўлимларига берилмоқда.

Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Қуйидагилар унинг шаклланиш манбаси бўлиб хизмат қилади:

  • ерлардан хўжасизларча фойдаланганлиги ёки уларни яроқсиз ҳолга туширганлиги, хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқилганлиги, давлат ер кадастрини юритиш қоидалари бузилганлиги, чегара ва чеклов белгиларининг йўқ қилинганлиги ёки шикастланганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ солинадиган жарималарнинг 100 фоизи;
  • фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги учун ундириладиган жарималарнинг 10 фоизи;
  • кадастр ҳужжатларини техник хатловдан ўтказиш ва расмийлаштириш бўйича давлат хизматларига белгиланган нархларни 25 фоиз ошириш ҳисобига тушадиган маблағларнинг (солиқлар ҳисоблангандан кейин) 100 фоизи ва бошқалар.

Мазкур маблағлари ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри органлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шунингдек, қўшимча равишда киритилаётган штат бирликларини сақлашга сарфланади.

2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини самарали ташкил қилиш, соҳага илғор фан-техника ютуқларини жорий этиш, моддий-техника базасини янгилаш, тармоққа халқаро грантларни жалб қилиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларини хизмат автомашиналари, жойлардаги мутахассисларни замонавий ўлчов асбоблари, хизмат хоналари билан таъминлаш белгиланган.