Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифини «Боғи Бобур» истироҳат боғи билан танишишдан бошлади, деб хабар қилди ЎзА.

Истироҳат боғи Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган. 357 гектар майдонни эгаллаган боғда Бобур Мирзонинг рамзий қабри ва ҳайкали, «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи барпо этилган.

Давлат раҳбари ташаббуси билан истироҳат боғини янада обод қилиш, музейни таъмирлаш ва фаолиятини кенгайтириш режалаштирилган.

«Ҳар бир ҳудудга борганда ўша ернинг тарихини ўрганиш ва тиклашга эътибор қаратмоқдамиз. Бобур Мирзо халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти. Бу масканни янада обод қилиб, тарбия ўчоғига айлантириш зарур. Ўзлигимизни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент музей экспонатлари билан танишди. Олимлар ва нуронийлар билан мулоқотда бўлди.