Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, шарбат тайёрлаш ва экспорт фаолияти билан шуғулланувчи Fruit industries корхонаси қурилишини бошлашга бағишланган маросимда иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Бу ерда 6 гектар майдонда кўчат етиштириладиган иссиқхона, 255 гектар майдонда томчилатиб суғориладиган интенсив боғ ташкил этилади, 615 гектар майдонда сабзавот етиштирилади, 7 минг тонна мева-сабзавотни сақлашга мўлжалланган музлатгич қурилади. Корхонани шу йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Бу ерда йилига 30 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланади, 1250 иш ўрни яратилади.

Янги корхона «Тошкент вино комбинати» АЖ ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 24 миллион долларни ташкил этади.

Президент корхонанинг дастлабки босқичи — мева-сабзавотларни қуритиш линиясининг иш бошлашига бағишланган рамзий тугмани босди. Карам ва лавлаги мисолида технологик линиянинг иш жараёнини кузатди. Қуритилган маҳсулотлар намуналари билан танишди.

Давлат раҳбари Хўжаобод туманидаги «Навигул» қўшма корхонаси ҳудудида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, музлатиш ва сотишга ихтисослаштирилган йирик логистика комплекси лойиҳаси билан ҳам танишди. «Навигул» Ўзбекистон — Германия қўшма корхонасида томат пастаси, қуритилган булғор қалампири, бақлажон, олма, олча, ўрик қоқиси сингари маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Асака туманидаги «Обод турмуш орзуси» фермер хўжалигида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қуритиш ва музлатгич ташкил этиш, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2017−2018 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳалари намойиш этилди.

Президент мазкур лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, янги корхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Янги ташкил этилаётган корхоналарга хомашёни вақтида етказиб бериш лозимлиги таъкидланди.

Шу ернинг ўзида давлат раҳбарига «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ва тижорат банклари ҳамкорлигида вилоятда 2017−2018 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган чармпойабзал соҳасини ривожлантириш дастури ва соҳага доир бошқа лойиҳалар, бозорлар инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳалар билан танишар экан, тайёрланадиган маҳсулотларни нафақат ички бозорга етказиш, экпортга ҳам чиқариш чораларини кўриш зарурлигини қайд этди.