Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга қишлоқ жойларда янги турар жойларни қуриш учун 500 млн доллар миқдоридаги кредитни ажратишни тасдиқлади, деб хабар қилди ОТБ матбуот хизмати.

Мазкур маблағлар қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш давлат дастури доирасида Ўзбекистоннинг тўққизта вилоятида 29 минг янги уйлар қурилишига йўналтирилади, дейилади хабарда.

ОТБ маълумотларига кўра, кредит маблағлари Qishloq Qurilish Invest инжиниринг компанияси дастурида иштирок этаётган учта банк — Ipoteka Bank, Ўзбекистон миллий банки ва Qishloq Qurilish Bank томонидан қайта молиялаштирилади. Дастурни амалга ошириш муддати — беш йил.

Арзон уй-жойлар қуришга киритилаётган сармоя аҳоли бандлигини таъминлашга таъсир кўрсатади. ОТБ ҳисоб-китобларига кўра, мазкур дастур доирасида 220 минг янги иш ўрни яратилади.

2011 йилда ОТБ Ўзбекистонга қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн долларлик кредит тақдим этган эди. Мазкур маблағлар ҳисобига қишлоқ туманларда 2011—2015 йилларда 41,5 минг уй бунёд этилди.

2017−2021 йилларда Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида арзон уй-жойлар қуриш дастури 2016 йил охирида қабул қилинган эди. Йил сўнгига қадар 15 мингта янги уй-жой ва квартиралар қуриш режалаштирилган.