Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Андижон биокимё заводи» акциядорлик жамияти томонидан Хўжаобод туманида ташкил этилган боғни бориб кўрди, деб хабар қилди ЎзА.

Кейинги йилларда пахта майдонлари қисқартирилиб, қишлоқ хўжалиги таркибий ўзгартирилаётгани натижасида мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда, экспорт ҳажми ошмоқда.

Хўжаобод туманидаги лалми майдонда ташкил этилган ёнғоқзор ва токзор ҳам шу мақсадга қаратилган. Бу ерда 20 гектарга Калифорния ёнғоғи, 23 гектарга ток навлари экилган. Келгусида экин майдони кенгайтирилиб, мева турлари кўпаяди. Қатор ораларига булғор қалампири, пиёз, картошка, ловия, мошнинг харидоргир навлари ва бошқа сабзавотлар экилади.

Президент ўрмон хўжалигини ривожлантириш йўналишида илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этиш, харидоргир маҳсулотлар етиштириш зарурлигини қайд этди. Андижон қишлоқ хўжалиги институти ва коллежларда ўрмончилик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу ерда Қўрғонтепа туманидаги «Боғи Фурқат» фермер хўжалиги базасида қишлоқ хўжалиги уруғчилиги ва кўчатчиликни ривожлантириш лойиҳаси намойиш қилинди. Бу ерда замонавий биотехнология (In vitro технологияси) асосида лаборатория ташкил этилиб, вируссиз уруғ ва кўчатлар етиштириш йўлга қўйилади. Бундай ўсимликлар касалликларга чидамли бўлади, уларни йил бўйи экиш мумкин. Қиймати 1,6 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа самарасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғ ва кўчатлари етиштирилади, агросаноат тармоқлари ва аҳолига етказиб берилади.

Хабарда қайд этилишича, барча ҳудудларда гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилмоқда.