Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси, Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси, шунингдек, Фанлар академияси Сейсмология институтининг Тезкор хабарлар хизмати Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди. Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон Президентининг 1 июндаги «Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.

Тинчлик ва ҳарбий даврда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, гидротехник иншоотларнинг барқарор ишлаши, гидрометеорологик ва сейсмологик кузатувлар, кичик ҳажмдаги кемалардан бехатар фойдаланиш, сув ҳавзаларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, улар вужудга келишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш ҳамда бошқа вазифалар Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг янги асосий вазифалари этиб белгиланди.

ФВВда фавқулодда вазиятлар ривожланиш хавфи юқори бўлган туманларда (шаҳарларда) фавқулодда вазиятлар бўйича қўшимча бўлимлар ва қутқарув отрядлари ташкил этилади.

Мазкур фармонга мувофиқ, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ҳам шундай ҳудудий комиссиялар ташкил этилди.

Улар вазифалари қаторида ҳар йили фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган фуқаро муҳофазаси (баҳор мавсумида), аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш (куз мавсумида) ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш ҳам жой олди. Комиссия маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг авария, ҳалокат, табиий ва бошқа офатлар оқибатида жабрланган фуқаролар, шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиб, тиббий реабилитация қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради.

Мазкур фармонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, илм-фан ва техника ютуқларини жорий этиш, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Фармонни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳамда «Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари имзоланди.

Мазкур ҳужжатларда кўзда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш борасидаги ишларни сезиларли даражада яхшилаш ва сифатини ошириш, гидрометеорологик ва сейсмик кузатувлар бўйича ишларни тизимлаштириш, йирик гидротехник иншоотлар ва сув объектларида фавқулодда вазиятлар пайдо бўлиш хавф-хатарларини барвақт аниқлаш имконини беради.