Россияда футбол бўйича FIFA 2017 конфедерациялар кубоги ва 2018 йилги жаҳон чемпионати ўтказиладиган даврда чет эл фуқароларини миграцион ҳисобга қўйиш тартибларига ўзгартиришлар киритилади.

Тўртта шаҳар — Москва, Санкт-Петербург, Сочи ва Қозонда 2017 йилнинг 1 июнидан 12 июлигача чет эл фуқароларини миграцион ҳисобга қўйиш муддати Россияга келган кунидан бошлаб бир суткагача қисқартирилди. Худди шундай талаб 2018 йилнинг 25 майидан 25 июлигача Москва, Санкт-Петербург, Волгоград, Екатеринбург, Қозон, Калининград, Нижний Новгород, Ростов-на-Дону, Самара, Саранск ва Сочида ҳам амалда бўлади.

Ўзбекистон ТИВ мамлакат фуқароларига мазкур ўзгаришларни албатта ҳисобга олишларини тавсия қилди. «Зеро ўз вақтида миграцион ҳисобга қўймаслик маъмурий тартибларни бузганлик деб баҳоланиши ва кейинчалик Россия ҳудудига киришга чеклов қўйилишига олиб келиши мумкин», — дейилади ТИВ хабарида.