10−12 май кунлари Ўзбекистонда расмий ташрифбилан бўлган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн Президент Шавкат Мирзиёевга Тошкентдаги учрашув давомида билдирган «очиқ ва самимий фикр-мулоҳазалари» учун миннатдорчилик билдирди.

Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Президентга мактубида шундай ёзилади: «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига шахсан эътибор қаратаётганингиз, жумладан, 2017−2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хорижга виза асосида чиқиш тартибини бекор қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар учун Сизга миннатдорлик билдирмоқчиман».

Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бўлди. «Мамлакатингизга ташрифим Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлашдаги муайян мураккабликларни англаш, мамлакатингиз ҳокимияти, фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий муассасаси ва халқаро ҳамжамиятга Бошқармамиз кўмак кўрсатиши мумкин бўлган соҳаларни белгилаб олиш имконини берди», — дея қайд этди Олий комиссар.