26−29 май кунлари Термизда Президент соврини учун Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган кураш бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди, деб хабар қилди Халқаро кураш федерацияси «Газета.uz"га.

«Алпомиш» стадионида бўлиб ўтган турнирда 50 га яқин давлатдан 150 нафардан зиёд курашчи иштирок этди. Беллашувлар уч вазн тоифаси — 73 кг гача, 90 кг ва мутлақ вазн тоифалари бўйича ўтказилди. Соврин жамғармаси рекорд даражадаги 56 минг АҚШ долларини ташкил этди.

73 кг гача вазн тоифасида Ҳикматулло Тўраев 3000 бош соврин— 3000 доллар, Давлат Абраев иккинчи ўрин ва 1500 доллар, Сухроб Худойбердиев ва Шербек Аблақулов бронза медаллари ҳамда 750 доллардан мукофотни қўлга киритди.

90 кг гача вазн тоифасида олтин медални Яхё Имомов қўлга киритган бўлса, Шуҳрат Арслонов кумуш, Дилшод Чориев ва Камолиддин Расулов бронза медалларига сазовор бўлди.

Мутлақ вазн тоифасида мусобақа чемпионлиги ва 25 минг доллар соврин Абдулла Холиёровга насиб этди. Иккинчи ўрин ва 10 минг доллар россиялик Артём Осипенко, иккита бронза ва 5000 доллардан соврин Бекмурод Олтибоев ҳамда Бахтиёр Менглиқуловга топширилди.