29 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Хитой мамлакатларига ташрифлари давомида ҳамда Туркия раҳбари билан ўтказилган олий даражадаги учрашувлари якунлари бўйича имзоланган битимлар, шартномалар ва муайян соҳаларда ўзаро шерикликни ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш жараёнининг ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилди ЎзА.

Ҳар бир ташриф якунида битим ва шартномалар қаторида қиймати бир неча миллиард АҚШ долларига тенг бўлган кўплаб лойиҳалар имзоланди. Ҳар бир лойиҳа бўйича «йўл хариталари» тасдиқланиб, уларнинг босқичлари, ижро механизмлари ва масъул шахслар белгилаб олинди. Давлат раҳбари айрим раҳбар ходимлар имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлашга эскича ёндашаётганини таъкидлаб ўтди. У ҳозирча аниқ натижалар кўзга ташланмаётгани, ижро муддатлари ортга сурилаётганини қайд этди.

Бунинг сабабларидан бири ишончли хорижий шерик ва молия манбалари мавжуд бўлмаган ҳолда самарасиз лойиҳалар тайёрлаш, амалда фойда бермайдиган ҳужжатлар имзолаш ҳолатлари билан боғлиқ экани айтилди. Бундай лойиҳаларнинг мониторингини юритиш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти. Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб этиш борасидаги аҳвол қониқарли эмас.

Президент фақат қоғозда акс этадиган, амалда ҳеч қандай фойда бермайдиган лойиҳалар тузишдек эскича амалиётдан бутунлай воз кечиш, бундай одат ва кайфият билан ишлашга мутлақо чек қўйиш лозимлигига алоҳида урғу берди. У тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига чет давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида мақсадли инвестицион стратегия ишлаб чиқиш вазифасини топширди.

Ушбу тизимни такомиллаштириш мақсадида масъул ижрочиларнинг ҳар ҳафтада бир марта Вазирлар Маҳкамасида ва ҳар ойда бир марта Президент ҳузурида хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган жорий ва ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган янги инвестицион лойиҳалар юзасидан ҳисобот бериш тартиби ўрнатилади.

Лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши, мутасаддиларнинг ижро интизоми, масъул шахсларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишини назорат қилиш Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура зиммасига юкланди.

Йиғилишда дабдабали рақамлар ва баландпарвоз ҳисоботлар ортидан қувиш эмас, янгича самарали усул ва механизмларни татбиқ этиш, аҳволни қисқа муддатда синчиклаб ўрганиб чиқиш ва зарур чора-тадбирлар белгилаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.