GM Uzbekistan компанияси 1 июндан ички бозорда енгил автомобилларнинг барча моделларини фақатгина миллий валюта — сўмда сотади. Бу Ўзбекистон Президентининг 26 майдаги «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотларга нархлар шаклланишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда «Ўзавтосаноат» 2017 йил 1 июнига қадар тузилган шартномалар бўйича енгил автомобилларни етказиб бериш ва тўловларни уларда кўрсатилган шарт ва муддатларда халқаро пластик карталар орқали қабул қилишни таъминлаши белгиланган.

Бундан ташқари, бутловчи қисмлар ва узелларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, автомобилсозликни ривожлантириш учун зарур бўлган бирламчи хом ашё ва материаллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва улар ҳажмини ошириш бўйича соҳалараро кооперацияни кенгайтириш ҳисобига импорт улушини қисқартириш ҳамда маҳсулотлар таннархини камайтириш кўзда тутилган.

Компания сотиш бозорлари ва экспорт қилинувчи маҳсулотлар номенклатурасини янада диверсификация қилиш, ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳисобига экспорт ҳажмини оширади. Янги рақобатбардош маҳсулотларни ўзлаштиришга қаратилган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳам кутилмоқда.