Умиджон Аъламов Ўзбекистон Президентининг 26 майдаги қарори билан «Ўзархив» агентлиги бош директори этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz"га ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар берди.

Умиджон Аъламов бунга қадар — 2015 йилдан — ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

1975 йилда туғилган, Тошкент электротехника институтини тамомлаган. 1996 йилдан 2003 йилгача Илмий-техник ва маркетинг тадқиқотлари марказида муҳандис ва бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.

2003—2006 йилларда Умиджон Аъламов Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг ҳамкорликдаги «Рақамли тараққиёт ташаббуси» лойиҳасида менежер бўлиб ишлаган. 2006 йилда Huawei Technologies телекоммуникация компаниясида ҳам менежер бўлган.

2007 йилда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигида бўлим бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.